Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Яккасарой туманидаги «Яккасарой кичик саноат зонаси» давлат унитар корхонасига ташриф буюрди, деб хабар қилди ЎзА.

Яккасарой туманидаги собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида ташкил этилган «Яккасарой кичик саноат зонаси» давлат унитар корхонасининг умумий ер майдони 61,2 гектарга, бино ва иншоотлар майдони 338 минг квадрат метрга тенг. Ҳозир бу ерда 284 тадбиркорлик субъекти тўқимачилик, кимё саноати, озиқ-овқат, мебелсозлик, металлни қайта ишлаш, қоғоз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик каби тармоқларда фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 630 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 48,5 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган.

Технопарк ҳудудида банк шохобчаси, нотариал идора, темир йўл линияси хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда 6 минг 600 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда.

Давлат раҳбари технопарк ҳудудидаги лойиҳалар билан танишар экан, бундай кичик саноат зоналарини пойтахтнинг барча туманларида ташкил этиш, уларда кичик бизнес вакилларига кенг имтиёзлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев технопарк ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқотда мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий кўргазмаларда фаол иштирок этишни таклиф этди.