1 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Шахмат федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида ташкилотнинг янги раҳбарияти таркиби сайлаб олинди. Федерация сайтида хабар қилинишича, халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов президент этиб сайланди.

Президентнинг биринчи ўринбосарлигига Ҳусан Турдиалиев, вице-президентликка эса Элдор Ғафуров, Баҳодир Умурзоқов, Рустам Қосимжонов ва Турсунали Қўзиевлар қайта сайланди. «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси бошқарув раиси Акмал Камолов ҳам вице-президент бўлди. Хуршидабону Холиқова федерация бош котиби лавозимини сақлаб қолди.

Тадбир иштирокчилари президентлик лавозимини тарк этаётган Алишер Султоновга шахмат ривожидаги ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, унинг Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентлигидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Конференцияда маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Муроджон Алиев, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов, президиум аъзолари ҳамда Шахмат федерациясининг шаҳар ва вилоятлардаги бўлимларининг 17 нафар делегати иштирок этди.