Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 февралдаги фармонига биноан Шерзод Шерматов ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вазирлик ахборот хизматининг хабар қилишича, аввалги вазир Хуршид Мирзоҳидов давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси этиб тайинланди.

Шерзод Шерматов (1977 йилда таваллуд топган) — Тошкент давлат техника университети (1998 йил) ва Йель университети (АҚШ, 2000 йил) битирувчиси. 2016 йил ноябридан буён ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Аввалроқ — 2014 йилдан Тошкентдаги Инҳа университети ректори лавозимида фаолият кўрсатган. 2012−2014 йилларда эса Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар давлат қўмитаси (ҳозирги — Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) раиси ўринбосари эди.

Хуршид Мирзоҳидов. Юрий Корсунцев / «Газета.uz».

Хуршид Мирзоҳидов (1971 йилда туғилган) — Тошкент электротехника алоқа институти (1995 йил) ва Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Олий бизнес мактаби (2004) битирувчиси. АКТ соҳасида давлат бошқарув органларида 2012 йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда — кейинчалик Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига айлантирилган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини, сўнгра Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирилигини бошқарган.

2009−2010 йилларда Миллий телерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

МТРКнинг аввалги раҳбари Алишер Ходжаев мазкур лавозимда 2005 йилдан ишлаган.