Пан Ги Мун Жанубий Корея президентлиги учун сайловда иштирок этишдан воз кечди

БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун Жанубий Корея президентлиги учун сайловда иштирок этишдан воз кечди, деб хабар қилди Рёнҳап агентлиги. Ўтган ойда у 10 йил давом этган БМТ бош котиблиги лавозимидаги фаолиятини якунлаб, Нью-Йоркдан қайтиб келди. Жанубий Кореяда кўпчилик уни мамлакатда муддатидан олдин ўтказиладиган президентлик сайловида муносиб номзод сифатида кўраётган эди. Рёнҳап агентлигининг қайд этишича, Пан Ги Мун Нью-Йоркдан қайтганидан сўнг қариндошлари иштирокидаги коррупцияда гумон қилингани сабабли сиёсий ҳужумларга дуч келган. // РИА Новости

Туркманистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Пайшанба куни Туркманистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Сайлов 12 февралга белгиланган. Туркманистон Сайлов кодексининг 73-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчи сайлов участкасида муддатидан олдин сайлаш ҳуқуқига эга. Мазкур жараён 2 февралдан 11 февралгача давом этади. Сайлов учун 25678 та сайлов участкаси ташкил этилган бўлиб, уларнинг 39 таси Туркманистон дипломатик миссиялари қошида очилган. Давлат раҳбари лавозими учун тўққиз нафар номзод, жумладан мамлакатнинг амалдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кураш олиб бормоқда.

2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган янги Конституцияга мувофиқ, президентлик ваколати муддати беш йилдан етти йилга узайтирилиб, мамлакат президентлигига сайланиш учун 70 ёшлик ёш чегараси бекор қилинди. // РИА Новости

БМТ бош котиби АҚШ қочқинларни қабул қилишни бошлашига умид билдирди

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш АҚШ киришни чекловчи тақиқни олиб ташлашга чақирди. «Бундай чеклов Ғарб ва бошқа давлатларни террористик ҳужумлардан ҳимоялашнинг самарали йўли эмас. Эртами-кеч уларни бекор қилиш керак», — деди Антониу Гутерриш ўзининг Нью-Йоркдаги биринчи матбуот анжуманида.

БМТ раҳбари АҚШ қочқинларни қабул қилиш амалиётига қайтиши ва бу жараёнда сурияликлар четда қолмаслигига ишонч билдирди. // БМТ Янгиликлар маркази

ЖССТ кам ҳаракатли ҳаёт тарзига қарши курашишга чақирмоқда

Бутун дунёда ўсмирларнинг 80 фоиздан зиёди ва катта ёшлиларнинг қарийб чорак қисми етарли даражадаги фаол ҳаёт тарзига эга эмаслиги сабабли семизлик ва бошқа жиддий касалликларга чалиниш хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари огоҳлантирмоқда. Шифокорлар бутун дунё мамлакатлари ва ҳамжамиятларни аҳолининг кам ҳаракатли ҳаёт тарзига қарши курашишга ва жисмоний фаол бўлиш учун кўпроқ имкониятлар яратишга чақирмоқда. Экспертлар доимий жисмоний ҳаракатлар юракнинг ишемик касалликлари ва инсульт, қандли диабет, қон босимининг кўтарилиши, турли саратон хасталикларига чалиниш хавфини камайтириши ва депрессиядан қутқаришини эслатиб ўтишди. ЖССТ вакиллари чекланган жисмоний ҳаракат ҳам унинг мутлақо бўлмаслигига қараганда катта фойда келтиришини таъкидлаб ўтишди. // БМТ Янгиликлар маркази