Тошкентда махсус комиссия иштирокида пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мусодара қилинган 180,88 минг дона контрабанда пиротехника воситалари йўқ қилинди, деб хабар қилди ЎзА.

2010 йил 22 сентябрдаги «Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши ва ишлатилишининг олдини олиш, пиротехника воситаларини қўллаган ҳолда маданий-томоша тадбирларини ўтказишда хавфсизлик чораларини кучайтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда мамлакатга олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Шу боис ички ишлар, солиқ идоралари, божхона қўмитаси ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус гуруҳлар иштирокида мамлакат ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳрида бозорлар, савдо марказлари, кўнгилочар масканлар, ўқув муассасалари сингари жамоат жойларида текшириш ва профилактик кўрик ўтказилган.

13 декабрь куни пойтахтнинг Миробод деҳқон бозорининг Фарғона йўли кўчасидаги Фарғона шохобчасида 10 минг донадан зиёд пиротехника воситаси ўз «харидорлари» қўлига етиб боришининг олди олинган бўлса, 20 декабрь куни Юнусобод туманида ўтказилган тадбирда ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган фуқаролардан бирининг ёнидан 12 минг 400 дона пиротехника воситаси далилий ашё сифатида олинган.