Ўтган йилнинг охирида Тошкент ҳайвонот боғига бир жуфт ёш каркидон қуш келтирилди, деб хабар қилди ҳайвонот боғи сайти.

Каркидон қуш ёки катта ҳинд калаоси — Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги тропик ўрмонларда истиқомат қилади. У катта тумшуғидаги мугузсимон ўсма сабабли ушбу номга эга бўлган.

Ҳайвонот боғи ходимларининг таъкидлашича, янги жониворлар қўлга ўрганувчан бўлиб, озуқа таклиф қилган қўлдан уларни ишонч билан олмоқда.

Ушбу жониворларнинг тутқунликда кўпайиши қийин бўлишига қарамасдан, ҳайвонот боғидагилар бир неча йилдан сўнг экзотик жуфтликдан насл олишга умид билдиришмоқда.