Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси Божхона иттифоқи давлатларига (Беларусь, Қозоғистон ва Россия) чиқувчи фуқароларга мазкур мамлакатларга носвой олиб кириш тақиқланганини эслатиб ўтди.

Тамаки ва бошқа таркибий қисмлар аралашмаси ҳисобланган носвой истеъмоли Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида кенг тарқалган. Божхона иттифоқи давлатларида эса носвой олиб кириш, сотиш, ишлаб чиқариш ва сақлаш тақиқланган.

ДБҚ маълумотларига кўра, 2016 йилда фақатгина «Тошкент-Минск» авиарейслари йўловчиларидан 100 кг дан зиёд носвой олиб қўйилган (божхона қонунчилиги бузилишига оид 43 та ҳолат бўйича).

Қоидабузарлар Божхона иттифоқи давлатлари қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилмоқда. Қоидаларга риоя этган йўловчилар нафақат ўзларининг, балки ўз мамлакатининг обрўсини ҳимоя қилган бўлади, дейилади ДБҚ хабарида.