Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 январь куни 25 йиллигини нишонлаган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси жамоасини табриклади.

«Мамлакатимиз фуқаро авиацияси бизнинг мустақил давлатимиз билан биргаликда изчил шаклланди ва ривожланди, — дейилади табрикда. — Ўтган чорак аср давомида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида мазкур тармоқни тараққий эттириш бўйича улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди».

Президент Миллий авиакомпания Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, кўплаб хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтди.

«Ўзбекистон» ёзуви туширилган авиалайнерлар жадал ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг ёрқин рамзи сифатида дунёнинг кўпгина минтақалари ҳаво маконини забт этиб, йигирмадан ортиқ давлатга парвозларни амалга оширмоқда", — дейилади хабарда.

2016 йилда авиакомпания самолётлари томонидан 2 миллион 500 минг йўловчи ва 43 минг тонна юк тегишли манзилларга етказилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ҳар йили 90 мингдан зиёд транзит парвозларни бошқариб, 300 дан ортиқ хорижий авиакомпания самолётларига аэронавигация хизмати кўрсатмоқда.

«Уларнинг аксарияти Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган, энг замонавий талабларга жавоб берадиган Авиация техникасига техник хизмат кўрсатиш маркази хизматларидан фойдаланмоқда. Боинг-787 самолётлари учун Композиция материалларидан тайёрланган маҳсулотларни таъмирлаш маркази компания фаолиятида кенг истиқболлар очди», — таъкидлади Президент.

Давлат раҳбари табрик якунида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замон янги ва янада қатъий талаблар қўяётганини қайд этиб ўтди. «Олдимизда ҳали қиладиган ишимиз кўп, биринчи навбатда, авиакомпаниямиз рақобатдошлигини янада ошириш — энг муҳим вазифамиздир. Ишончим комил, сизлар ўтган даврда қўлга киритилган ютуқларни танқидий ёндашув асосида баҳолаб, ўзингизнинг бор билим ва тажрибангиз, бутун салоҳиятингизни ишга солиб, янада юксак масъулият ва фидоийлик билан меҳнат қиласиз».

Президентнинг 28 январдаги қарори билан Миллий авиакомпания фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.