Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бу Президентнинг 18 январда имзоланган «2017−2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида"ги қарорида келтириб ўтилган (ҳужжат Lex.uz сайтига жойлаштирилган).

Жамғарма Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни молиявий жиҳатдан ишончли ва барқарор таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда. Қуйидагилар жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгиланди: Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилиши лозим бўлган маблағларнинг 10 фоизи; АГТКС томонидан сотиладиган табиий газга махсус инвестициявий устама ҳақининг 10 фоизи; давлат бюджетининг мақсадли маблағлари, шу жумладан марказлаштирилган инвестициялар; халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари); жисмоний ва юридик шахсларнинг, хайрия жамғармаларининг грантлари, ихтиёрий бадаллари, хорижий донорларнинг маблағлари; жамғармаларнинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида умумий қиймати 8,422 трлн сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дастур янги иш ўринларини яратиш, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш, сув таъминоти, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш тизимлари, аҳоли турар жой шароитларини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, болалар ва спорт майдончаларини ташкил этиш, транспорт, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, суғориш ва ташқи ёритиш тармоқларини такомиллаштириш, замонавий энергия тежайдиган технологияларини жорий этган ҳолда Нукус ва Урганч шаҳарларининг иссиқлик таъминоти тизимларини яхшилашни ўз ичига олади.

Давлат раҳбари қарори билан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларида 2027 йил 1 январига қадар (Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг бошқа туманларида — 2022 йилгача) саноат соҳасида (автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станцияларидан ташқари) янги ташкил этилаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинди.

Бундан ташқари, 1 февралдан Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги, айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатларидаги таъминоти учун, «Баркамол авлод» марказларидаги, мусиқа ва санъат мактабларидаги машғулотлар учун ота-оналарнинг ҳар ойлик тўлови миқдорлари, шунингдек аҳолининг маданият ва дам олиш марказларидаги тўлов миқдорлари республика бўйича белгиланганидан 2 баравар кам даражада ўрнатилди.

Шу билан бирга, ҳудудда муҳтож оилаларга, биринчи навбатда, ёлғиз фуқаролар, пенсионерлар, боқувчиси ногирон оилалар ҳамда бошқа кам таъминланган тоифадаги аҳоли ва оилаларга қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинларининг комиссиялари қарорига биноан тайинланадиган энг кам ойлик иш ҳақининг 2−5 баравари миқдорида бир марта бериладиган моддий ёрдам шаклидаги ижтимоий нафақанинг янги тури жорий этилади.