Ўзбекистонда янги банк -«Ўзагроэкспортбанк» акциядорлик тижорат банки ташкил этилади. Бу Президентнинг 24 январдаги қарорида кўрсатиб ўтилган (ҳужжат матни Lex.uz сайтига жойлаштирилган). Банкнинг ташкил этилишидан мақсад — экспорт қилувчи ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт имкониятларини самарали ва барқарор ривожлантиришни таъминлаш, агросаноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (7,5 млн евро, 75%), «Ўзбекинвест» компанияси (1 млн евро, 10%), «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзагросуғурта» ва «Кафолат СК» (500 минг евродан ёки 5% дан) бошланғич устав капитали 10 млн евро бўлган банкнинг муассислари ҳисобланади.

2020 йилга қадар «Ўзагроэкспортбанк» 15 фоиздан кам бўлмаган улуш билан стратегик хорижий инвесторларни устав капиталига жалб этиши лозим.

Янги банк ва унинг филиаллари рўйхатга олинган санадан беш йил муддатга барча турдаги солиқлар ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади ва бўшаётган маблағлар банкнинг ресурс ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга мақсадли йўналтирилади.