Жорий йилда Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар қилди Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати. Шу ҳақдаги келишувга 25 январь куни Москвада маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси бош директори Фарҳод Жўраев ва РФ маданият вазири ўринбосари Алла Манилова билан учрашувда эришилди. Ўтган йилнинг ноябрида Тошкентда Россия кунлари ўтказилган эди.

Томонлар жорий йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Пушкин номидаги давлат Тасвирий санъат музейида Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейидаги экспонатлар кўргазмасини ташкил этиш масаласини ҳам муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи театр жамоалари гастролларини алмашишни ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.