Шу вақтгача Когон ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Ихтиёр Фармонов Бухоро ҳокими этиб тайинланди. Бухоронинг аввалги ҳокими Валижон Ўринов ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди, деб хабар қилди Бухоро вилояти ҳокимияти ахборот хизмати.

Мазкур ташкилий масала Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг 24 январда Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев иштирокида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқилди.

Ўктам Барноев ўз чиқишида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги камчиликларни қайд этиб ўтди.

«Турар жойлар қурилиши ва уларнинг сифати талабларга жавоб бермайди. Коммунал хизматлар бўйича қарздорлик масалалари ҳал қилинмаган. Ободонлаштириш бўйича ишлар ачинарли аҳволда. Одамларни ташвишга солаётган муаммоларга масъулиятсизлик билан ёндашув сабабли юқори ташкилотларга шикоятлар сони ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси шаҳар раҳбариятининг етарли даражада ташаббускор эмаслиги ҳақида сўзламоқда», — деди вилоят ҳокими.