Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди ЎзА. Тадбирда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Давлат раҳбари хавфсизлик соҳасига оид қонунчилик самарадорлигини юксалтириш, Қуролли Кучлар ташкилий тизимини янада такомиллаштириш, унинг шахсий таркибини тайёрлаш, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий уй-жойлар қуриш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Шавкат Мирзиёев ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртдошларимизда Ватан тақдири учун масъулият туйғусини янада юксалтириш каби муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Давлат раҳбари мазкур билим юртида курсантлар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишди.