Берлинда бўлиб ўтаётган «Яшил ҳафталик» халқаро ярмаркасининг етти кунлик иши давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо компаниялари, қайта ишловчи корхоналари, вилоятлар ва туманлар ҳокимиятлари ўрта ва узоқ муддатли шартномаларни имзолаш ҳамда 151,2 млн долларлик экспорт келишувларига эришишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «Ўзагроэкспорт» компанияси «Газета.uz"га хабар қилди.

Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар 10 дан зиёд давлатлар, жумладан, Германия, Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, БАА ва Туркия вакиллари билан имзоланди.

Жорий йилда «Яшил ҳафталик"да Ўзбекистон делегациясига бош вазир ўринбосари, мамлакатнинг қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Мирзаев бошчилик қилди. Берлинда у Германия, Венгрия, Латвия ва Россия қишлоқ хўжалиги вазирлари, Немис иқтисодиёти шарқи комиссияси ижрочи директори ҳамда ГФРнинг қатор ихтисослашган компаниялари раҳбарлари билан учрашди.

Миллий стенд 200 кв м га яқин майдонни эгаллаган бўлиб, унда янги мевалар, сабзавотлар, полиз экинлари, қуруқ мевалар, ёғ-мой ва виночилик маҳсулотлари, зираворлар, шарбатлар, мурабболар ва консерваланган маҳсулотларнинг кенг ассортименти намойиш қилинмоқда.

Ҳар бир ташриф буюрувчи иссиқ палов ва миллий ошхонанинг бошқа таомлари билан сийланмоқда. Ташриф буюрувчилар ва тадбиркорлар янги ва қуруқ маҳсулотлардан татиб кўриб, улар таъмига юқори баҳо бермоқда.

29 январь куни якунига етадиган озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасида дунёдаги энг йирик тадбирда 66 мамлакатдан 1600 дан зиёд экспонат ўрин олган.