Ўзбекистонда янги ихтисослашган FUTBOL TV телевизон канали теледастурларни эфирга узатиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар берди UzReport агентлиги «Газета.uz"га.

Янги канал орқали айни пайтда UzReport TV телеканали орқали эфирга узатилаётган Европа Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси, Англия Премер-лигаси ва Испания чемпионати ўйинлари трансляция қилинади.

Ўйинлар жонли эфирда ва ёзиб олинган ҳолда намойиш этилади. Бундан ташқари, футбол ҳақидаги кўрсатувларни бериб бориш ҳам режалаштирилган. Бир вақтда бошланадиган турли чемпионатларнинг марказий учрашувлари эса ҳар икки телеканалда параллел равишда эфирга узатилади.

Айни вақтда FUTBOL TV телеканали лицензиясини расмийлаштириш ва техник-ташкилий ишлари олиб борилмоқда. Канал жорий йилнинг мартида ишга туширилиши кутилмоқда.