Президентнинг «Юридик хизматлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси ва юридик хизматлар фаолиятидаги ўзгаришлар 26 январь куни Адлия вазирлигида бўлиб ўтган анжуманда муҳокама қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Анжуман иштирокчилари фикрига кўра, қонун бузилишларининг олдини олишда юридик хизматлар фаолияти етарли даражада эмас. Улар томонидан норматив, шартномавий-ҳуқуқий ва даъво ишлари бажарилаётганига қарамасдан, юридик хизматлар ходимларида етарли даражада ваколатлар мавжуд эмас.

Давлат органлари юристлари моддий таъминотнинг етарли эмаслиги олий маълумотли ва иш тажрибасига эга малакали кадрларнинг жалб қилинишига тўсқинлик қилгани, анжуман иштирокчиларининг фикрича, юридик хизматлар фаолияти сифатига салбий таъсир кўрсатган. Бу қуйидаги рақамларда ҳам ўз ифодасини топган: бугунги кунда давлат органларида юридик хизматлар штат бирликлари миқдори 3300 дан зиёдроқни ташкил этади, амалда фаолият кўрсатаётган юристлар сони эса 2600 нафар атрофида.

Давлат раҳбари қарорида ҳам юридик хизматларни ташкил этишда тартибнинг йўқлиги ва улар штат бирликларида нормативларнинг мавжуд эмаслиги таъкидлаб ўтилган. Юридик хизматларда ҳуқуқларнинг амалиётга мослигини ўрганиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ишлари олиб борилмаган. Мазкур соҳадаги ишлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан аниқланган камчиликлар ва қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича чораларни амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Президентнинг юридик хизматлар фаолиятини яхшилаш тўғрисидаги 19 январда қабул қилинган қарори давлат органларида юристлар ролини оширади. Эндиликда буйруқлар, қарорлар, шартномалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда юридик хизматлар томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Юридик хизматларнинг давлат органлари қарорлари бўйича жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатувчи хулосасининг олиниши мажбурий қилиб белгиланди.

Давлат органларида юридик хизматлар ходимларини ишга тайинлаш ва вазифасидан озод қилиш учун мажбурий тартибда адлия органлари билан келишиш шарт.

Ҳужжатда юридик хизматлар ходимларининг моддий рағбатлантирилиши ҳам белгиланган. Ҳар чоракда улар судда ёки судгача тартибда давлат органлари фойдасига ундирилган маблағларнинг 5 фоизи миқдорида мукофотланади. Шунингдек, уларнинг мансаб тоифаларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қўшимча ойлик иш ҳақи белгиланади.

Юридик хизматлар ходимлари мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик иш тажрибасига эга бўлган тақдирда, амалиёт ўтамаган ҳолда адвокатлик лицензиясини олиш бўйича тоифа имтиҳонида иштирок этишлари мумкин.