Тошкентда жорий йил сўнгига қадар жамоат транспортида йўл ҳақи тўловининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режалаштирмоқда. Бу ҳақда 26 январь куни «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси раиси ўринбосари Моҳир Валиев журналистларга маълум қилди.

Мохир Валиев.

Моҳир Валиевнинг маълум қилишича, нақд пулсиз тўлов лойиҳасида автобусларни валидаторлар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Йўловчилар йўл ҳақини тўлаш учун қурилмага махсус пластик картани қўйиши талаб этилади, тўлов эса 0,3 сония ичида қабул қилинади.

«Умид қиламизки, йўл ҳақининг автоматлаштирилган тўлов тизими шу йилнинг охирига қадар жорий этилади, — деди компания раҳбарияти вакили. — Бу бизга шаффофликни тақдим этиб, автобуслар ҳаракатининг мунтазамлигини таъминлайди (компанияга юборилаётган шикоятларнинг ярмидан зиёди ҳаракатнинг мунтазамлиги билан боғлиқ — таҳ.). ҳайдовчилардан тушумларни топшириш масаласи олиб ташланади — улар йўловчилар учун пойга ўйнашмайди. Бу бизнинг айни пайтдаги асосий мақсадимиз».

Режага кўра, тушум билан алоҳида тузилма шуғулланади. Бунда қайси компания билан лойиҳани амалга ошириш бўйча якуний қарор қабул қилингани йўқ.

«Тошшаҳартрансхизмат» раиси, пойтахт ҳокимининг ўринбосари Отабек Содиқов компания маршрут таксилари учун ҳам автобусларда қўлланилаётгани каби жетонлардан фойдаланишни жорий этиш масаласи кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди. Режага кўра, муайян номиналдаги (1000, 1500 ва 2000 сўмлик) жетонлар қўлланилиб, йўловчилар етишмаган маблағни нақд тўлашлари мумкин.

Ўтган йили «Тошшаҳартрансхизмат» корхонаси томонидан 336,7 миллион йўловчи ташилган, уларнинг 210,9 миллиони — автобуслар, 53,5 миллиони — метрополитен, 5,5 миллиони — микроавтобуслар ва 2,7 миллиони — трамвайлар (трамвай ҳаракати 2016 йилнинг 2 майида ёпилди) ҳиссасига тўғри келади. 64,1 миллион йўловчи хусусий компаниялар томонидан ташилган.

Ҳар ойда Тошкентда ўртача 69,4 минг ойлик йўл чиптаси сотилади.