Қозоғистон Президенти қатор ваколатларини парламент ва ҳукуматга топширади

25 январь куни халққа мурожаат билан чиққан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев давлат ҳукумати тармоқлари ўртасидаги ваколатлар қайта тақсимланишини маълум қилди. Президент ўзининг бир қатор ваколатларини парламент ва ҳукуматга топширади. Нурсултон Назарбоевнинг фикрича, бу бошқарув тизими самарадорлигини оширади. Ишлар икки асосий йўналишда олиб борилади. Биринчиси, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни назорат қилиш бўйича қонунда белгиланган Президент ваколатларининг катта қисми ҳукумат ва бошқа ижро органлари ёки парламентга топширилади. Иккинчиси, янада мураккаброқ масала — ҳукумат тармоқлари ўртасидаги муносабатларни конституция даражасида мувофиқлаштириб туриш билан боғлиқ. «Ҳукуматни шакллантиришда парламент ролини кучайтириш, вазирлар маҳкамасининг депутатлар олдидаги жавобгарлигини ошириш муҳим, — деди Назарбоев. — Парламент сайловида ғолиб бўлган партия ҳукуматни шакллантиришда ҳал қилувчи таъсирга эга бўлади». // akorda.kz

АҚШ Мексика билан чегара бўйлаб девор қуради

АҚШ Президенти Дональд Трамп сайловолди ваъдаларини бажаришга киришди. Давлат раҳбари Мексика билан чегарага девор қуришни бошлаш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Бунгача Трамп миграция ва чегара назорати сиёсатини кучайтириш борасидаги икки қарорга имзо чекди. АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлигида сўзга чиқар экан, Трамп: «Чегаралари бўлмаган миллат — миллат эмас. Бугундан бошлаб Америка Қўшма Штатлари ўз чегаралари устидан назоратни қайтаради, уни қайтариб олади… Мен ҳозиргина минглаб ҳаётларни, миллионлаб иш ўринлари ва миллиард, миллиардларни сақлаб қолувчи икки қарорга имзо чекдим», — деди. Трамп чегарадаги жисмоний тўсиқлар қурилиши зудлик билан бошланишини айтиб ўтди.

Сайловолди кампанияси вақтида Трамп Мексика билан чегара деворининг баландлиги 15 метрни, лойиҳа қиймати эса 10−12 млрд долларни ташкил этишини маълум қилган эди. // Euronews

Turkish Airlines 26−27 январь кунлари қор ёғиши сабабли 327 рейсни бекор қилди

Туркия миллий авиаташувчиси Turkish Airlines пайшанба ва жума кунлари кучли қор ёғиши сабабли Истанбул аэропортларидаги 327 та халқаро ва ички рейсни бекор қилди. Истанбул аэропортида яна 136 та рейс Туркиянинг бошқа авиакомпаниялари — Pegasus, Atlasglobal ва Onurair томонидан бекор қилинган. Январь ойи бошида Истанбулда ёққан қор шаҳардаги йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйилиши, уч кун ичида 1400 дан зиёд рейсларнинг бекор қилинишига олиб келган эди. // РИА Новости

Усэйн Болт шеригидан топилган допинг сабабли Олимпиада-2008 олтин медалидан маҳрум қилинди

Ямайкалик спринтер Усэйн Болт ва унинг терма жамоадаги шериги Неста-Картер допинг-намуна қайта текширувидан сўнг Пекиндаги Олимпиада олтин медалидан маҳрум қилинди. Картер намунасида тақиқланган метилгексанамин препарати қолдиқлари аниқланди. Шундай қилиб, эркаклар ўртасида 4×100 метр эстафетаси натижалари бекор қилинди, ямайкалик спринтерлар медалларни қайтаришлари лозим. Медаль бекор қилинганидан сўнг Болт саккиз карра Олимпия чемпиони бўлиб қолди. Бунгача таниқли спринтер интерьвюда медални қайтаришга тайёрлигини маълум қилган эди. Олимпиада-2008 олтин медаллари эндиликда Тринидад ва Тобаго терма жамоасига тегишли бўлади, кумуш эса япон спринтерларига, бронза — бразилияликларга насиб этди. // РИА Новости