«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси жорий йилда асосий метро бекатлари яқинидаги автобусларнинг сўнгги бекатларини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания раҳбарияти пойтахт ҳокимиятида пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Сўнгги бекатлар шаҳар ва шаҳар атрофи ер усти жамоат транспорти йўналишларини оптималлаштириш ва метрополитен фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар доирасида бунёд этилади ва реконструкция қилинади.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълумотларига кўра, гап метронинг «Беруний», «Олмазор» (собиқ «Собир Раҳимов»), «Дўстлик» («Чкалов») ва «Шаҳристон» («Ҳабиб Абдуллаев»), шунингдек, «Чорсу» ва «Пахтакор» бекатларидаги сўнгги бекатлар ҳақида кетмоқда.

1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон пойтахтида 2078 та оралиқ автобус бекатлари ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг 101 таси тўлиқ ойнаванд ҳисобланади. 20 дан зиёд бекатлар электрон таблолар билан таъминланган, йил охирига қадар яна 100 та табло ўрнатилиши кутилмоқда.

Шаҳар автобус йўналишларининг жорий узунлиги 2694 км, маршрут таксилари — 3773 км, метрополитен — 36,1 км ни ташкил этмоқда.