Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Бобур боғини Дўстлик боғи деб аташни таклиф қилди. Ўз навбатида, шаҳар марказидаги собиқ ҳайвонот боғи ўрнида барпо этилаётган янги боғ Бобур номи билан аталади.

«Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Наврўз байрами арафасида очиладиган янги боғ энди буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталади», — деди Президент сешанба куни Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувдаги нутқида.

Президент илгари «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни Дўстлик саройи деб номлашни таклиф этди.

«Ана шу бинонинг ёнида жойлашган ва мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказиб келаётган боғни „Дўстлик боғи“ деб номлашни таклиф қиламан», — деди давлат раҳбари.