Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали нафақат Тошкент, балки Самарқандда ҳам ўрнатилади. «Газета.uz"нинг шу ҳақдаги маълумоти Бадиий академия томонидан тасдиқланди.

Академия сайтига жойлаштирилган хабарда келтирилишича, ҳайкал Самарқанддаги Тошкент кўчаси бўйлаб жойлашган хиёбонда, Регистон майдонидан ўнг томонга ўрнатилади. Пойтахтнинг қайси қисмидан ҳайкал учун жой ажратилиши эса ҳозирча маълум эмас.

Манбаларимизнинг маълумотларига кўра, биринчи Президент ҳайкали Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўрнатилиши мумкин.

Айни пайтда Ислом Каримов ҳайкали лойиҳаси бўйича халқаро бадиий танлов давом этмоқда. У дипломли ҳайкалтарош ва архитекторлар учун очиқ. Танлов ишлари 31 мартга қадар қабул қилинади.

Қабул қилиб олинган лойиҳалар Бадиий академия Марказий кўргазмалари залига экспонат сифатида қўйилади ва барча хоҳловчилар 10 апрелга қадар уларни томоша қилишлари мумкин.