Тошкент марказидаги собиқ Тошкент ҳайвонот боғи ҳудудида янги маданият ва истироҳат боғи бунёд этилади, деб хабар қилди пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати. Шаҳар ҳокими қарори билан ташкил этилаётган истироҳат боғи 12 гектар майдонга эга бўлиб, Наврўз байрами (21 март) арафасида очилиши лозим.

Лойиҳа бўйича тафсилотлар кўп эмас. Журналистларимиз бўлғуси боғ эскизи билан таниша олмади. Ҳудудда барпо этилаётган дам олиш маскани мавзедаги аҳолининг севимли истироҳат манзилига айланиши мўлжалланмоқда.

Ҳокимият хабарида келтирилишича, инвесторлар боғ ҳудудини бутунлай янгича лойиҳага асосан олиб бориладиган бунёдкорлик ишларига тайёрлашмоқда. Боғда иш олиб бораётган «ЎзГАШКЛИТИ» институти ходимларининг мухбиримизга маълум қилишича, бу ерда капитал қурилишлар олиб борилиши режалаштирилмаган. Боғда турли аттракционлар, савдо ва овқатланиш шоҳобчалари, сайр қилиш учун йўлаклар, суҳбатлашиш учун ўриндиқлар ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Айни пайтда махсус техникалар асфалт қопламасини янгиси билан алмаштириш учун қўпормоқда. Суғориш тизими ҳам янгиланмоқда. Йўлаклар ёқалаб ўриндиқлар ўрнатилади.

Шаҳар маъмуриятининг ишонч билдиришича, ҳудуддаги яшил зоналар ҳамда ўсимлик дунёсига зарар етказмасликни эътиборга олишган.