Тошкентнинг 49 ёшли фуқаросига нисбатан жониворларга шафқатсизлик билан муомалада бўлиш тўғрисидаги иш юзасидан айблов эълон қилинди. Суд иши якунлари тўғрисида «Mehr va Oqibat» Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти «Газета.uz"га хабар қилди.

Юнусобод туманининг 4-мавзесида истиқомат қилувчи фуқаролар бир қанча мушукларнинг йўқолгани ва кейинчалик майиб ёки ўлган ҳолда топилганини пайқаб қолади. Аёллар мушуклар яшайдиган жой яқинида истиқомат қилувчи эркак кишидан шубҳаланади.

Ўтган йилнинг декабрь ойида улар айбдорни аниқлаш ва жавобгарликка тортишни илтимос қилиб «Mehr va Oqibat» жониворлар ҳимоячиларига мурожаат этишади. Жамият вакиллари милицияга ариза билан мурожаат қилиб, даъвогарларга суд жараёнида ҳуқуқий кўмак кўрсатади.

Жиноий ишлар бўйича Юнусобод туман суди жавобгар ҳақиқатдан ҳам азоб бергани, бу ҳолат тўртта мушукнинг нобуд, биттасининг майиб бўлишига олиб келганини аниқлади. Тергов ишларидан сўнг Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 111-моддасига биноан айблов ҳукми чиқарилди. Айбдор энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари — 449,3 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.