Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаолларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Мамлакатда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун бир фуқаро «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими», бир киши «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистонда бағрикенглик, тинчликсеварлик ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир киши «Меҳнат шуҳрати» ордени, тўққиз киши «Дўстлик» ордени, миллий маданият марказларининг 12 нафар фаоли эса «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.