Ўзбекистон Президентининг 13 январдаги «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан «Ўзшаҳар қурилиш инвест» республика ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясини ташкил этиш тасдиқланди. Унинг зиммасига 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури бўйича арзон кўп квартирали уйларни тўлиқ тайёр ҳолда фойдаланишга топшириш шарти билан қуриш ва реконструкция қилиш вазифаси юклатилган.

Компания вазифалари қаторидан молиялаштиришни ташкил қилиш ва қурилишнинг бориши устидан техник назоратни амалга ошириш, кейинчалик қурилган арзон кўп квартирали уйларни имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобига аҳолига сотиш учун «Ипотека банк» АТИБга топшириш ҳам ўрин олган.

«Ўзшаҳар қурилиш инвест"нинг устав капитали 1 млрд сўм бўлиб, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ипотека банк», «Ўзметкомбинат», «Қизилқумцемент» ва «Ўзбекинвест» маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.