Эркин иқтисодий зоналарда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар бюрократик сансалорликлар, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳамда бошқа муаммолардан ҳимояланганмагани Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) ташкил этган навбатдаги учрашувдан маълум бўлди. Юқорида тилга олинган масалалар Президентнинг «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони (12 январь) имзоланганидан сўнг янада долзарб аҳамият касб этди.

Бизнес вакилларининг фикрича, янги ЭИЗларга инвесторларни жалб қилиш учун даставвал мавжуд ЭИЗлардаги муаммолар ҳал этилиши лозим (Ўзбекистонда «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» ЭИЗлар фаолият кўрсатмоқда). Давлат раҳбарининг октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилиниши билан аввалги имтиёзлар ўз кучини йўқотди. Бу ҳақда Навоий вилоятидан келган божхона ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича мутахассис Юнус Отабоев маълум қилди.

«Моҳиятига кўра фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатиши керак бўлган Президент фармони имзоланди, бироқ ҳужжат чиққанидан сўнг биздан божхона тўловлари ва солиқларни тўлиқ ҳажмда тўлашни талаб қилиш бошланди. Янги актлар чиқар экан, ё улар ишламаяпти, ёки бошқа актларга қарши бўлиб қолаяпти. Сизлардан Навоийга бориш, маҳаллий тадбиркорлар билан учрашиш ва уларнинг муаммоларини эшитишингизни илтимос қиламан», — деб давом эттирди у.

Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Жасур Саидалиев бу каби ҳолатларнинг мавжудлигини тан олди. Фармоннинг божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисидаги бандида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган материаллар, хом ашё ва ускуналар рўйхати киритилган эди. Бироқ ушбу рўйхатнинг ўзи бўлмагани учун божхона органлари тадбиркорларга имтиёзлар тақдим эта олмаган. ДБҚ вакили ҳужжатга ўзгартиш киритилгани ва тез орада кучга киришини маълум қилди. Бунда етказилган зарарлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, тўланади.

«Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» энг кўп танқидлар остида қолди. «Ўзвиносаноат-холдинг» вакили Темур Таштановнинг фикрича, ишлаб чиқарувчилар учун энг долзарб муаммо, бу — энергия ва газни узлуксиз етказиб бериш бўйича кафолатнинг мавжуд эмаслигидадир.

«Биз тез-тез барқарор газ ва энергия таъминотининг кафолатланмагани муаммоси билан тўқнаш келамиз. Масалан, маҳсулот ишлаб чиқарамиз ва ишлаб чиқариш жараёнининг қоқ ўртасида чироқ ўчади. Уч кундан кейин электр энергияси етказилиши билан боғлиқ муаммо ҳал бўлади, лекин маҳсулот энди яроқсиз. Ва ҳеч ким етказилган зарар учун жавобгарликни бўйнига олмайди. Бизга ҳар сафар муаммони ҳал этишлари керак эмас, уларнинг ҳеч қачон бўлмаслигини хоҳлаймиз», — деди у.

Lochin Asbob-Uskuna компанияси директори маслаҳатчиси Хуршид Бўриев ЭИЗда лойиҳаларни амалга оширишнинг барча жараёнларини — ер ажратишдан тортиб, объект қурилишигача қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. У ҳужжатларни йиғишга қарийб ярим йил сарфлагани, бироқ ҳалигача иш бошланмаганини айтиб ўтди.

«Маъмуриятнинг [ЭИЗ] ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорини олиш учун 20 та муассасадан ҳужжат тўплаш керак. Бу шунчаки ақлбовар қилмас кучни талаб қилади. Масалан, экологик назорат бошқармасидан лойиҳани тузиш ва экспертиза ўтказиш учун 48 кун вақт кетди, ваҳоланки қонунчиликда 30 кун қилиб белгиланган. Кейинги масала — техник шароитларни олиш, аниқроғи газ ва электр энергияси лимитини белгилаш ҳақида. Лойиҳа институти бунга 120 кВт электр энергияси кетиши маълум қилди, айни пайтдаэлектр тармоқлари ҳудудий бўлинмаси фақатгина 40 кВт беришга тайёр. Худди шундай ҳолат газ билан ҳам рўй беради. Биз биттагина муҳрни бостириш учун кўп ҳажмдаги вақтни йўқотаяпмиз. Жуда кўп қонун ва фармонлар қабул қилинди, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётимизни қамраб олаётгани йўқ. Агарда вазият ўзгармаса, янги ЭИЗларда ҳам тадбиркорларга осон бўлмайди», — дея қайд этди Бўриев.

«Ауто Пад Системс» ҚК асосчиси Асад Ҳикматов маҳаллий ҳом ашёни харид қилишдаги мураккабликларни айтиб ўтди. «Биз икки йилдан буён фаолият кўрсатаяпмиз, бироқ ҳозирча экспорт қила олганимиз йўқ. Муаммо шундаки, яқин вақтгача биз 100 фоиз хом ашёни Хитойдан харид қилар эдик. Ташиш харажатлари сабабли дастлабки материал нархи Хитойдаги тайёр маҳсулот нархи билан қарийб бир хил бўлиб қолаяпти. Биз 20 фоиз ресурсни Ўзбекистондан сотиб олишга муваффақ бўлдик, бироқ бу рақам 80 фоизга қадар ортиши мумкин. Бунинг учун олимларнинг ёрдами керак».

Маҳаллий хом ашёдан фойдаланиш масаласи бирваракайига бир қанча учрашув иштирокчилари томонидан кўтариб чиқилди. Давлат органлари вакиллари ишчи гуруҳ шаклида ҳудудларга чиқиб, қабул қилинган ҳужжатлар ижросини муҳокама қилиш, ЭИЗларда фаолият кўрсатаётган компаниялардан тўғридан-тўғри фикрларни олиши йўлга қўйилишини маълум қилди.