Ўзбекистон Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш Давлат тизими (ФВДТ) Авария-қутқарув отрядлари 2016 йилда фуқароларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш учун 3000 дан зиёд ташрифларни амалга оширди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

ФВДТ 40 дан зиёд вазирлик, маҳкама, ташкилот, муассаса ва компанияларни бирлаштириб, табиий офатлар ва техноген фалокатлар профилактикаси ва уларга қарши курашда давлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ўтган йил давомида 27 та қўмондонлик-штаб ва 317 та тактик-қутқарув машғулотлари ўтказилиб, уларда 302,6 минг киши ва 7700 дона махсус техника иштироки таъминланди. Қутқарувчилар ва махсус техникалар 521 маротаба оммавий сайр ва байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда хавфсизликни таъминлаш мақсадларига жалб қилинди.

Хавфли гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар кузатилиши мумкин бўлган жойларда 69 та назорат -кузатув постлари ўрнатилиб, зарур алоқа воситалари билан таъминланди. Энг хавфли участкалардан 256 та хўжалик вақтинча кўчирилди.

«Тошкент-Ўш» йўлининг «Қамчиқ» довони орқали ўтган участкасида автотранспорт воситалари ва йўловчиларнинг узлуксиз ва хавфсиз ўтишини таъминлаш учун 15 та механизацияланган отрядларнинг куну тун ишловчи навбатчилиги ташкил этилди.

Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида дарё ва сойларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тозалаш бўйича 1,363 миллион куб метр тупроқ, 91,4 минг куб метр тош иши, 8,2 минг куб метр бетон иши ва 172 тонна металл ишлари амалга оширилган.

1193 та коллеж ва лицейнинг 14 мингдан зиёд ўқувчилари, 2132 та умумтаълим мактабининг 17 мингдан ортиқ ўқувчилари «Ёш қутқарувчи» кўнгиллилар клублари ўртасидаги шаҳар ва туман, вилоят ҳамда республика босқичи мусобақаларида иштирок этди. Мазкур клубларда жами 34 минг ўғил-қиз машғулотлар олиб бормоқда.