Чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархи ўтган йилнинг январи билан солиштирилганда 8 фоиздан 44 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Ҳабибулло Жалилов маълум қилди.

Президентнинг 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, 1 январдан тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди.

Нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.

«Кейинги вақтларда беморларга рецепт ёзишда мавжуд меъёр-қоидаларни бузиш, маҳаллий маҳсулотлар қолиб, чет элда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситаларини буюриш ҳолатлари кўпайган эди. Қолаверса, дорихоналарда перепаратлар баҳосининг турлича экани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди», — деди Ҳабибулло Жалилов.

Эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакат ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади.

Республикадаги барча 5500 га яқин дорихоналарда «Истеъмолчилар бурчаги» ташкил этилиб, унда барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархларининг осиб қўйилиши таъминланмоқда.