Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини харид қилишни янада соддалаштириш ва жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Қарор хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни янада соддалаштириш ва жадаллаштириш, уларни давлат рўйхатидан чиқаришдаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулк сифатида харид қилинган объектларда рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ташкил этиш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулки объектларини, жумладан «ноль» қиймат бўйича инвестицион мажбуриятлар юклатилган ҳолда сотилиши тўғрисидаги буйруқларни қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

Қарорда давлат мулкини сотиб олиш бўйича қатор жараёнларни соддалаштириш ва қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган. Масалан, асосий фондларни модернизация ва капитал таъмир қилган, шунингдек, янги иш ўринларини очган давлат мулки объектлари ижарачиларига ижарага олинган объектда биринчи галда имтиёзли ҳуқуқлар тақдим этилди.

Шунингдек, ягона иштирокчидан давлат мулкини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги таклиф келиб тушган тақдирда ҳам тегишли тартибда шартнома тузишга рухсат берилди. Давлат ҳисобидан чиқарилган объектлар бўйича тўловларни уч йил муддатда тўлаб бориш ҳам кўзда тутилган.

Қарорда давлат мулкини харид қилишнинг халқаро амалиётдаги шакллари, жумладан, фонд биржасида аҳоли ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий акция таклифларини эълон қилишни кенг жорий этиш белгиланган.