Ўзбекистонда яқинда фуқароликка қабул қилинган мамлакат фуқароларига паспортлар бериш бошланди. Ҳужжатларни топшириш маросими тантанали равишда ташкил этилиб, мамлакатнинг янги фуқароларига гулдасталар тақдим этилмоқда.

Тошкентлик Улугбек Ташметов, Ильхам Турсунов ҳамда Наргиза Турсунова пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмоновдан фуқаролик паспортларини тантанали равишда қабул қилиб олди. Шаҳар маъмурияти матбуот хизматининг маълум қилишича, Улуғбек Ташметов бундан 24 йил аввал қўшни давлатдан Ўзбекистонга кўчиб келган. «Мен шу пайтгача шу юрт учун қанча хизмат қилган бўлсам, энди у менинг ҳақиқий ватаним, она юртим бўлди. Менинг юртим тараққиётига қўшажак меҳнатим яна ўн чандон ошишига сўз бераман», — деди у.

Жиззах вилоятида уч киши паспортни қабул қилиб олди. Юрий Тен, Анварбой Икромов ва Муҳаббат Қўшоқовага вилоят ҳокими Улуғбек Узоқов паспортларни топширди.

Фото: Жиззах вилояти ҳокимияти.

Наманган вилояти ҳокимиятида Ўзбекистоннинг янги 13 фуқаросига паспортлар топширилди. Уларни вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров қутлади. Фуқаролар узоқ йиллар кутган ушбу кунни энг бахтли байрамга айланганини таъкидлашди.

Фото: Темурмалик Воҳидов.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда 179 кишининг номи келтириб ўтилган.