Тошкентнинг Яшнобод ва Олмазор туманларида инновацион технопарклар пайдо бўлиши мумкин. Президентнинг шу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилди. Мазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тайёрланди.

Яшнобод туманида материалшунослик, электрон жиҳозлар ва контроллерлар, озиқ-овқат ва биологик фаол қўшимчалар ҳамда дори воситалари соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, кичик инновацион ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга мўлжалланган инновацион технопарк бунёд этиш режалаштирилмоқда.

Олмазор туманидаги инновацион технопаркда эса металларни қайта ишлаш, энергияни тежаш технологиялари, муқобил энергия манбалари ва электрон ўлчаш жиҳозлари, робот техникаси, машинасозлик ва электроника соҳасидаги тадқиқотлар олиб борилади.

Технопарклар қурилиши ва фаолияти давлат бюджети, инновацион тадқиқотлар ва маҳсулотлар буюртмачилари, чет эл грантлари, инвесторлар ва тижорий банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.