2017 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж квотаси 5200 ўрнига 7200 нафар қилиб белгиланди. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қарор «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганлар сонининг ортиб бораётгани муносабати билан қабул қилинди. Шунингдек, мазкур қарорнинг қабул қилинишида мустақиллик йилларида фуқаролар турмуш даражасининг юксалиши, аҳоли сонининг ўсиши, улар томонидан ҳаж ва умра сафарларига бориш истагида амалий ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар қилинаётгани ҳам эътиборга олинган.

Яна бир ўзгариш — Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» фонди таклифларига биноан, жорий йилда бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга бориши кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Ислом дини таълимотларига кўра, ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж зиёратини амалга ошириш фарз қилинган. Аксарият мусулмон мамлакатларида, жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида фуқароларга 5 йилда бир марта ҳаж қилиш мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.

«Умид қиламизки, юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг умра ва ҳаж сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ бу йилги қарорини тўғри тушунадилар», — дейилади хабарда.