2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,8 фоизга ўсди. Бу ҳақда ЎзА 14 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлиси ҳақидаги хабарда маълум қилди.

Саноат маҳсулоти ҳажмлари — 6,6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари — 12,5 фоизга, чакана савдо айланмаси — 14,4 фоизга, хизматлар — 12,5 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 5,7 фоизни ташкил этди.

Иқтисодиётга 16,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёки 2015 йилга нисбатан 9,6 фоизга кўп инвестициялар йўналтирилди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоизга ўсди ва 3,7 миллиард доллардан ошиб кетди. Умумий қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган 164 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш якунланди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмлари 6,6 фоизга, жумладан, мева-сабзавот — 11,2 фоизга, картошка — 9,7 фоизга, сабзавот маҳсулотлари етиштириш 10,4 фоизга ўсди.

2016 йилда 32 мингтага яқин ёки 2015 йилга нисбатан 18 фоизга кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинишига туртки бўлди. Кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56,9 фоизгача, саноатда эса 45 фоизгача ошди.

Аҳолининг реал даромадлари 11 фоизга ошди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоизга, пенсия ва ижтимоий нафақалар — 12,1 фоизга, аҳоли жон бошига реал даромадлар — 11 фоизга ўсди, 726 минг нафарга яқин аҳолининг, шу жумладан, 438,5 минг коллеж битирувчисининг бандлиги таъминланди.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасидаги чора-тадбирлар комплексини молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 8 триллион сўм ва 212 миллион доллар маблағ йўналтирилди.