2−12 январь кунлари Брисбенда (Австралия) стандарт шахмат бўйича 2017 Australian Open Championship халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 15 мамлакатдан 103 спортчи иштирок этди. 11 тур якунлари бўйича 4 иштирокчи 8,5 очкодан тўплади, бироқ уларнинг энг ёши — ўзбекистонлик 16 ёшли халқаро уста Темур Қўйбоқаров ғолиб бўлди.

Ўзбекистонлик юқори қўшимча кўрсаткич — 80,5 ни қайд этди. Бундан ташқари, у ўзининг биринчи гроссмейстерлик балини қўлга киритди, деб хабар қилди Ўзбекистон Шахмат федерацияси.

Иккинчи ўринни австралиялик 24 ёшли гроссмейстер Макс Иллингуорт (79) эгаллаган бўлса, «бронза» озарбайжонлик 20 ёшли Канан Иззатга насиб этди.

Эътиборлиси, 10-турда тошкентлик шахматчи рейтинг-фаворит, мисрлик халқаро гроссмейстер Аҳмад Адлини мағлубиятга учратди.