Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 14 январдан нишонланадиган Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригини йўллади.

«Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиёсий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди. 1992 йил 14 январда юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. Мана, 25 йилдирки, ана шу тарихий кун Қуролли Кучларимиз пойдевори қўйилган, истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзилган буюк сана сифатида байрам қилинмоқда», — дейилади табрикда.

Президент Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келаётганини таъкидлар экан, жаҳонда ва минтақамизда ҳарбий-сиёсий вазият кескин ўзгариб, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда миллий армияни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттириш даркорлигини таъкидлаб ўтди.

Миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарасини ошириш устувор вазифалар қаторига киради. «Афсуски, бу соҳадаги кўплаб ҳужжатларимиз ҳозирги давр талабларига жавоб бермаяпти. Биз миллий хавфсизликни таъминлашда стратегик режалаштириш бўйича аниқ давлат тизимини барпо этишга объектив зарурат сифатида эҳтиёж сезмоқдамиз. Ушбу тизимда доимо янгиланиб борадиган Миллий хавфсизлик концепцияси марказий ўринни эгаллаши шарт. Мазкур концепцияда Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос мослашувчанлик ва очиқлик тамойиллари, бизнинг яқин қўшниларимиз билан конструктив муносабатларни ривожлантириш устувор вазифа экани акс эттирилиши даркор. Айни вақтда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизни маданий-тарихий ўзига хослигини асраш бўйича қатъий кўрсатмалар белгилаб берилиши керак», — дея қайд этди Президент.

У ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларнинг хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатнинг принципиал позицияси бўлиб қолишини эслатиб ўтди.

«Жаҳонда ва минтақада вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган бўлсак, вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати, шунингдек, бизнинг устувор вазифа ва имкониятларимиз Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини қайта ишлаб чиқишни талаб этади. Фақат ана шундай тизимли ёндашув биз учун миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона, мувофиқлаштирилган ва изчил стратегияни ишлаб чиқиш, мавжуд ресурс ва маблағларни устувор мақсадларга йўналтириш, уларни беҳуда сарфламаслик, иккинчи даражали вазифаларга чалғиб кетмаслик имконини беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчи устувор масала — Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш лозим. «Ҳарбий қурилиш соҳасида тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ҳар қайси ҳарбий округнинг таркибий тузилиши ва вазифаларини аниқлаш даркор. Бу борада улардан айнан қайси вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланиш кераклиги, қўшинларнинг қўлланиш ва шунингдек, операцияларни ўтказиш йўналишлари бўйича ўзига хос хусусиятларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, бизнинг „ҳаво қалқонимиз“ — Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларини оптималлаштириш вазифаси ҳам катта эътибор ва ресурсларни сафарбар этишни талаб қилади», — дея қайд этди мамлакат раҳбари.

Учинчидан, қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу тадбирлар авваламбор ҳарбий бўлинмаларга юкланган вазифаларга, уларнинг тайёргарлик ва таъминланиш даражасига мос бўлиши зарур. «Биз учун бу борадаги якуний мезон — амалий натижа, яъни, бутун эътиборни Қуролли Кучларнинг жанговар қобилияти ва тайёргарлигини реал оширишга, уларнинг юқори даражадаги уюшқоқлиги ва самарали ҳамкорлигига қаратишдан иборат», -дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Тўртинчидан, барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш эътибор марказида бўлиб қолиши зарур, дея таъкидлади Президент. «Шу нуқтаи назардан қараганда, мутлақо янги Қуролли Кучлар академиясини ташкил этиш бу йўналишдаги биринчи қадам бўлиши даркор. Ушбу ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналарини ва ҳозирги мавжуд академия ҳамда мамлакатимиздаги етакчи илмий-таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олиши керак. Ишончим комил, бу академия ҳарбий таълимнинг ягона тизимида ҳақиқатан ҳам асосий ўринни эгаллайди, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланади. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган офицерлар малакасини ошириш ва шунингдек, армиямиз бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш давом эттирилади», — деб қайд этди давлат раҳбари.

«Бу вазифани амалга оширишда биз таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этишимиз, ўқув аудиторияларини замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлашимиз лозим. Академия тингловчиларининг умумий маданиятини ошириш, уларнинг дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун барча қулай шароитларни яратишимиз даркор. Бу жараёнда ҳарбий билим юртида ҳақиқатан ҳам таълим олишга муносиб, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни ўқишга танлаб олишда талабни ошириш лозим. Шу мақсадда мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида икки-учтадан коллеж ва лицейни белгилаб қўйиш керак. Ана шу коллеж ва лицейлар ўзларининг асосий вазифалари билан бирга, олий ҳарбий ўқув юртларига кирадиган ёшларни чуқур тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириш имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бугун ва истиқболдаги муҳим вазифалардан бири, бу — «қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш», давом эттирди у. «Афсуски, бу масала биз кутган даражада жадал суръатлар билан амалга оширилмаяпти. Шу муносабат билан биринчи галдаги вазифа сифатида 2017−2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқишимиз керак. Унда ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотлар сотиб олиш, мавжуд техника воситаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш, бу борадаги ишларни мақсадли молиялаштириш бўйича аниқ тадбирлар кўзда тутилиши даркор».

«Мамлакатимизда ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шу нуқтаи назардан, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов бошчилигида мудофаа саноати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш керак. Унинг таркибига Мудофаа вазирлигининг таъмирлаш бўйича барча корхоналарини, шунингдек, Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи ҳамда ўқ-дори тайёрлайдиган „Восток“ илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўтказиш зарур», — деди давлат раҳбари.

«Келгусида ана шу корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, илмий-ишлаб чиқариш базасини яратиш, сервис марказлари ва қўшма корхоналар ташкил этишга, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи корхоналарида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак», — деди у.

«Олтинчидан, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш диққатимиз марказида бўлиши даркор. Бу соҳада қабул қилинган давлат дастурини амалга ошириш бўйича янги механизмларни ишлаб чиқиш объектив заруратга айланганини бугун яққол ҳис этмоқдамиз. Шу мақсадда хизматни ўташ тартиби, фронт орти таъминоти, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган, кўпдан буён ҳаёт талабига айланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни тезлаштириш муҳим аҳамиятга эга. «Ҳарбий хизматни, ички ишлар ва божхона идораларида хизматни ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайман», — қайд этди Президент.

Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишлар долзарб аҳамиятга эгадир. «ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фуқароларимизда бизга мутлақо ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва Ватанимиз тақдири учун масъулият туйғусини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўришимиз шарт. Ана шу мураккаб ишда армия сафларида мардлик ва матонат, Ватанга садоқат билан хизмат қилиш мактабини ўтаган навқирон ўғлонларимиз ишончли таянч ва суянч бўлиб хизмат қилади. Шу муносабат билан мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлар бундай ёшлар билан доимо алоқада бўлиши керак. Мазкур бошқарма ва бўлимларнинг бу йўналишдаги ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасидаги ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эгадир».

«Шу борада Бош вазир А.Н.Арипов бошчилигида муддатли ҳарбий хизматни ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича республика комиссиясини, жойларда эса бевосита ҳокимлар раҳбарлигида вилоят, шаҳар ва туман комиссияларини ташкил этиш яна бир амалий қадам бўлур эди», — таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кўпгина ютуқларга эришаётганига эътибор қаратар экан, вилоят ҳокимликлари таркибида ушбу кенгашнинг минтақавий бўлинмаларини тузиш орқали унинг имкониятларини кенгайтириш, бу бўлинмаларнинг ишини ҳарбий округлар қўмондонлиги билан яқин ҳамкорликда ташкил этишни таклиф қилди у.

Президент ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасини 2017−2021 йилларда ривожлантириш Ҳаракат стратегиясида миллий армияни ислоҳ қилиш кўзда тутилганини маълум қилди. «Ана шу ўта муҳим ҳужжатга биноан мудофаа соҳасидаги қонунчилик базаси, қўшин гуруҳларининг жанговар таркиби, ташкилий тузилмаси, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг сафини тўлдириш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техника билан қуроллантириш ҳамда уларни ҳар томонлама таъминлаш масалаларини яхшилашга йўналтирилган аниқ чора-тадбирлар қабул қилинади ва амалга оширилади».