Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди ва эълон қилинган муддатдан икки йил ўтиб кучга киради.

Қонун билан маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, махсус қабулхоналар маъмуриятлари ва ходимлари, улардаги ички тартиб-қоидалар белгилаб берилган.

Қонун маъмурий қамоқни шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашндан иборат маъмурий жазо тури сифатида белгилаб беради. У уч суткадан ўн беш суткагача бўлган муддатга қўлланилади. Туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори маъмурий қамоқни ўташ учун асос бўлади.

Қонунга кўра, маъмурий қамоқни ўташнинг асосий принциплари қонунийлик, инсонпарварлик, маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишдан иборат.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарда сақланади ва умумий камераларга ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилади. Камераларда бир кишига тўғри келадиган майдоннинг нормаси камида 2,5 кв. м, аёллар учун эса камида 3 квадрат метрни ташкил этади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахслар ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахсий хавфсизлиги таъминланади.

Қамоққа олинган шахсга жисмоний куч ва махсус воситалар (тинчлантириш кўйлаклари, резина таёқлар, қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари, кўздан ёш оқизувчи моддалар, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, хоналарни очиш мосламалари) қўлланилиши мумкин. Бироқ бундай чоралар фақатгина махсус қабулхона ходимларига, маъмурий қамоққа олинган бошқа шахсларга ва ўзга шахсларга ҳужумини даф этишда, оммавий тартибсизликларга, жамоат тартибини гуруҳ бўлиб бузишларга барҳам беришда, махсус қабулхона ходимларига ашаддий тарзда бўйсунмаётган ёки қаршилик кўрсатаётган ҳуқуқбузарларни ушлашда, махсус қабулхонадан қочган маъмурий қамоққа олинган шахсларни ушлашда, маъмурий қамоққа олинган шахсларни махсус қабулхонадан қочишининг олдини олиш учун қўриқлаб туришда қўлланилиши мумкин.

Қамоққа олинганлар ёзма розилиги билан ҳақ тўланадиган меҳнатга қилинишлари мумкин. Улар меҳнатига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан -Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаслиги лозим. Махсус қабулхона хоналаридаги санитария-гигиена, маиший шароитларни яхшилаш, шунингдек ички ишлар органи ёки махсус қабулхона ҳудудини ободонлаштириш билан боғлиқ бўлган юмушлар ҳақ тўланмайдиган ишлар ҳисобланади. Бундай ишлар давомийлиги суткасига икки соатдан кўп бўлмаслиги ва жисмоний ишларга ўз розилигига кўра амалга оширилиши лозим.

Маъмурий қамоққа олинган шахслардан туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида ундирилади. Маъмурий қамоққа олинган шахснинг моддий аҳволи харажатлар ўрнини қоплашдан озод қилиниши мумкин.