Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 3 январдаги қарори билан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Ахборот-таҳлилий департаменти ташкил этилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар қилди.

Департамент бош вазир раҳбарлигида фаолият юритади ва Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосарига бўйсунади. Департаментнинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бош ва етакчи мутахассислари Вазирлар Маҳкамасининг ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги ваколатли вакили ҳисобланади.

Департамент ваколатлари доирасидан норматив-ҳуқуқий актлар ижроси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт , шаҳар ва туманлар ҳокимиятлари билан ҳамкорлик қилиш, ахборот-таҳлилий ишлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, улар ижросини мониторинг ва назорат қилиш каби вазифалар ўрин олган.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ ҳаёти сифати ва даражасини ошириш, аҳоли билан ҳамкорлик ва мулоқот соҳаларида таҳлилларни олиб бориш департаментнинг устувор вазифалари ҳисобланади.