Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида «Исҳоқхон Тўра Ибрат"га атаб замонавий боғ, ёдгорлик мажмуаси ҳамда хорижий тилларни ўрганиш мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мажмуа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида илгари сурган устувор вазифалар ижроси доирасида бунёд этилмоқда. Бу борада вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, умумий майдони 2,2 гектарни ташкил этувчи «Ибрат» мажмуасини лойиҳалаштириш ишлари якунига етказилди.

Мазкур мажмуада «Ибрат» музейи (кутубхона ва мутолаа хоналари, экспозицион зал), «Ибрат» хорижий тиллар мактаби (21×12 метр зал, 160 ўқувчига мўлжалланган ўқув хоналари, спорт майдончалари), «Ибрат» боғи (фаввора, хиёбон, Ибрат ҳайкали) қурилиши кўзда тутилган. Қуриш ишлари эса шу йилнинг март ойларида бошланади.

Исҳоқхон Тўра Ибрат (1862−1937) — Фарғона водийсида илк бор «Матбааия Исҳоқия» босмахонасига асос солган маърифатпарвар инсон. У араб, форс, ҳинд, турк, рус ва инглиз тилларини ўзлаштириб, бир нечта ўқув дарсликлари, луғатлар, шеърий тўпламлар ва бошқа ноёб адабиётларни яратган.