Ўзбекистон ТИВнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Илҳом Неъматовнинг Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев билан учрашувида Тошкент ва Самарқандни боғловчи М-39 автомобиль йўлининг Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани орқали ўтувчи янгиланган (887,8−911,9-километрлари) қисмини очиш, мазкур участкада ўтказиш пунктини қуриш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув 6 январь куни Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимиятида бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон бош вазирининг инвестициялар ва ривожланиш бўйича ўринбосари Роман Скляр ва Жанубий Қозоғистон вилоятини ҳокими Жансеит Туймебаев иштирок этди, деб хабар қилди вилоят ҳокимияти сайти.

Автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишлари февраль ойида якунига етиши кутилмоқда. Чегарадош ҳудудда махсус пост бунёд этилиб, унда солиққа солинмайдиган юклар айланмаси назорати амалга оширилади.

Қозоғистон элчиси Ерик Утембаевнинг таъкидлашича, бу давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши ҳамда саавдо ва туризмнинг ривожланишига хизмат қилади. У Ўзбекистон пойтахти ва Жанубий Қозоғистон вилояти алоқаларининг кучайишига ҳам умид билдирди.

Мақтаарал орқали ўтувчи М-39 автомобиль йўли 2006 йилда ёпилган эди.