1 январдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари (1,5 миллион сўмга яқин) миқдорида даромад солиғига тортилмайдиган гонорар олади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда ФА ҳақиқий аъзолари президиум ва тегишли илмий мутахассисликлар бўйича академиянинг ҳақиқий аъзолари тавсиясига асосан республика Президенти томонидан тасдиқланади.

Қарорда тегишли вазирлик ва маҳкамаларга бир ой муддатда ФА ҳақиқий аъзоларини илмий-таълимий ва ишлаб чиқариш жараёнига фаол жалб этиш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда юқори тоифали мутахассисларни тайёрлашда улар ролини кучайтириш механизмларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

ФА ҳақиқий аъзоларининг илмий-таълимий муассасалар ва мамлакат саноат корхоналарида сермаҳсул фаолият олиб бориши учун зарур шароитларни яратиш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилиши лозим.

Академикларни рағбатлантириш чоралари сифатида уларнинг ҳар йили Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқарув органлари санаторий-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, Ялта ва Кисловодскдаги «Ўзбекистон» санаторияларида бепул даволаниши ҳам кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 декабрь куни Президенти илм-фан вакиллари билан учрашувда олимларни қўллаб-қувватлаш — давлатнинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлаб ўтган эди.