2 январь куни Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан икки мамлакат раҳбарлари ўзаро табрик мактубларини алмашди.

«Ўзбекистон ва Хитой алоқалари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган», — дейилади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Раиси Си Цзиньпинга йўллаган табрик мактубида.

«Изчил ва муттасил ривожланиб бораётган, жаҳонда улкан нуфуз ва таъсирга эга Хитой Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бормоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«Ўзбекистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор… Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолият бошлагани иқтисодий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очмоқда», — дея таъкидлади Президент.

«Яқин келажакда бўладиган олий даражадаги учрашув Ўзбекистон — Хитой муносабатларининг ҳар томонлама ривожига янада жадал суръат бағишлашига, ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг барча масалалари бўйича мулоқотларимизни давом эттириш учун қулай имконият бўлади, деб ишонаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида Хитой ва Ўзбекистонни «яқин дўстлар ва ишончли ҳамкорлардир», деб атади.

«Дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён ўтган 25 йил давомида Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари изчил ва барқарор ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар мунтазамлик касб этган, ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланмоқда. «Бир қутб, бир йўл» барпо этилишида дастлабки муҳим натижаларга эришилди, «уч ёвуз куч"га қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда», — таъкидлади ХХР раҳбари.

«2016 йилда биз ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатдик, турли соҳалардаги ҳамкорлигимиз тараққиётнинг янги босқичига кўтарилди. Хитой муносабатларимизнинг муваффақиятларидан мамнун ва у истиқболда янада ривожланишига ишончи қатъийдир», — деб таъкидлади у.

Си Цзиньпин: «Мен Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият бераман. Хитой Ўзбекистон танлаган ўзига хос тараққиёт йўлини, давлат мустақиллиги, суверенитети ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади».

«Мамлакатларимиз халқларининг фаровонлиги йўлида ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳар томонлама стратегик шериклигини изчил ривожлантириш йўлида Сиз билан ҳамкорликда ишлашга тайёрман», — деди ХХР Раиси.