Янги кириб келган йилда икки маротаба қуёш ва икки марта ой тутилиши содир бўлади. Икки ҳодиса февралда, иккитаси эса августда кузатилади. Улуғбек номидаги Астрономия институти катта илмий ходими Чори Шердановнинг астрономик ҳодисалар таҳлили «Народное слово» газетасида нашр қилинди.

Биринчи тутилиш 11 февралда кузатилади. Бунда Ер шари Қуёш нурларининг бир қисмини тўсгани сабабли Ой ёруғлиги бир оз камаяди. Осмон очиқ бўлганида ой дискининг четлари қорайганини кўриш мумкин. Ўзбекистон ҳудудида мазкур ҳодисани ҳеч қандай воситаларсиз кузатиш имкони мавжуд.

Кейинги тутилиш 26 февралда содир бўлади. Ой Қуёш диски бўйлаб ўтади, бироқ уни тўлиқ қоплай олмайди, табиий йўлдош атрофи бўйлаб ёрқин ҳалқа ҳосил бўлиб, осмон ёруғлигича қолади. Мазкур ҳодисани Тинч ва Атлантика океани акваторияси, Жанубий Америка ва Африканинг жанубий қисмлари ҳудудларида кузатиш мумкин. Ўзбекистонда эса кўринмайди.

Учинчи тутилиш 7 августда содир бўлади. Сайёрамиз йўлдоши ер соясининг шимолий қисми бўйлаб ўтиб, қоронғилашади. Унинг бошқа қисми эса ярим қоронғуликда қолади. Ҳодисани Ўзбекистон ҳудудида туриб ҳам кузатиш мумкин.

Жорий йилдаги охирги қуёш тутилиши 21 августда кузатилади. Уни Тинч ва Атлантика океанларининг Шимолий Америка қитъасининг ғарбий ва шарқий қирғоқлари акваториясида тўлиқ, Шимолий ва Жанубий Америка, Ғарбий Европа ва Африканинг энг ғарбидаги мамлакатларда эса қисман кузатиш мумкин.

Бошқа ҳодисалар орасида февраль осмонига Энке кометасининг қайтишини қайд этиш мумкин. Шунингдек, Веста, Арида ва Церера астероидларининг январь, октябрь ва йил сўнгидаги «парвози» қизиқиш уйғотади. Йил давомида бир неча маротаба Лиридлар, Орионидлар, Леонидлар ва Геминидлар (метеорлар оқимлари) ҳосил қилган «юлдузлар ёмғири"ни кузатиш имконияти ҳам мавжуд.