Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонаси очилиши режалаштирилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий актлар муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай қарор Янгиернинг саноат салоҳиятини тараққий эттириш, янги ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишда кичик бизнес субъектларига инвестицияларни жалб этиш мақсадида қабул қилинди.

Саноат зонаси фаолият муддати узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади. Режага кўра, бу ерда текстиль, оёқ кийимлари, экологик тоза кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Саноат зонаси иштирокчилари ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика Йўл фонди ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича бюджетдан ташқари жамғарма тўловларидан озод қилинади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат асосида хусусий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, хом ашёлар, материаллар ва жамловчи маҳсулотлар, шунингдек, металл конструкциялар ва қурилиш материаллар учун божхона тўловларидан (божхона ҳужжатларини расмийлаштириш тўловларидан ташқари) озод қилиш режалаштирилмоқда.

Кўрсатиб ўтилган имтиёзлар энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 бараваридан кам бўлмаган миқдордаги инвестициялар жалб қилинганида уч йил муддатга тақдим этилади. Саноат зонаси иштирокчиларининг йиллик даромади энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваридан камроқни ташкил этса, имтиёзлар бекор қилинади.