Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Россиянинг «Краснодар» клубини тарк этди. Бу ҳақда, «Краснодар» расмий сайти маълумотига асосланиб, Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, «Краснодар» ҳамда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клублари 29 ёшли ўзбекистонлик футболчи трансфери борасида келишувга эришган.

Аҳмедов 2014 йилда Россиянинг бошқа бир клуби — «Анжи"дан «Краснодар"га ўтган эди. Шу вақт мобайнида Аҳмедов «Краснодар» таркибида 101 расмий ўйинда майдонга тушиб, 7 та голга ҳамда 13 та голли узатмага муаллифлик қилган.

Хитой клубларида, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бошқа аъзолари — Анзур Исмоилов ва Егор Кримец фаолият юритмоқда.