28 декабрь куни Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов 1966−2016 йилларда яшаб, ижод қилган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Тадбир иштирокчилари ва адибнинг оила аъзолари атоқли шоир қабрини зиёрат қилди. Шоир қабрига гул қўйилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирилди, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда Эркин Воҳидовнинг рафиқаси Гулчеҳра Воҳидова атоқли шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасидаги юксак эъзоз-эътибор учун Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди.

Маросимда Эркин Воҳидов севган ва унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлардан иборат концерт намойиш этилди.