Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов сешанба куни Душанбеда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қабулида бўлди. Бу ҳақда Тожикистон раҳбари матбуот хизмати хабар қилди. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари қўшни давлатга Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этиш учун борган эди.

Томонлар иқтисодиёт, савдо, транспорт ва коммуникация, сув, энергетика, маданият, чегараларни ҳимоялаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳолатлари ва истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, мазкур жабҳаларда алоқаларни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифларни илгари сурди.

Учрашувда минтақа ва дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазият, терроризм, экстремизм, наркотик воситаларнинг ноқонуний алмашинуви ва бошқа трансминтақавий жиноятларга қарши кураш бўйича мулоҳазалар ўртага ташланди.

Эмомали Раҳмон Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Тожикистонга ташрифини давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

«Тожикистон ўзбек томонининг икки мамлакат ўртасидаги авиаалоқаларни қайта тиклаш тўғрисидаги ташаббусини ижобий баҳолайди, — дея қайд этди Эмомали Раҳмон, — Мамлакатимизтемир йў участкаларини қайта тиклаш, темир йўл юклари тарифларини камайтириш, электр энергияси импорти ва экспортини қайта йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, виза тизимини бекор қилиш ва соддалаштириш ҳамда чегара масалаларини ҳал этиш кабиларда муносабатларнинг янада яхшиланишини қўллаб-қувватлайди».