Рио-де-Жанейрода Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистонда йилнинг яхши спортчиси деб тан олинди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги пойтахтдаги «Саёҳат» меҳмонхонасида маданият ва спорт вакилларини тақдирлади.

Бокс бўйича миллий терма жамоа аъзоси Ҳасанбой Дўсматов «Йилнинг энг яхши спортчиси» номинациясида ғолиб бўлди, деб хабар қилинди «Газета.uz"га. унга махсус диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти тақдим этилди.

«Кўплар карьерамда бундай муваффақиятли йилдан сўнг менинг олға интилишга иштиёғимни йўқотиб қўйишим ҳақида ўйлаши мумкин. Мен эндигина 23 ёшга кирдим, янада кучайишда давом этаман ва умид қиламанки, ўз мамлакатим учун кўпроқ медалларни қўлга киритаман. Биринчи навбатда бу медаллар жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлариники бўлади. Ишонч билан айта оламанки, олдинда бизни янада йирикроқ ғалабалар ва муваффақиятлар кутмоқда», — деди Ҳасанбой Дўсматов.

AIBA Pro Boxing версияси бўйича жаҳон чемпиони Хуршид Тожибоев «Энг фаол спортчи» деб топилди. Миллий Олимпия қўмитаси Президенти Мираброр Усмонов «Спорт соҳаси ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун» номинациясида мукофотга эга бўлди.

Фото: mcs.uz.

Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби директори Атхам Юнусов, Спорт ўйинлари бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби директори Искандар Жўраев, Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Яккама-якка кураш бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби директор ўринбосари Акрамжон Низомитдинов ва Яккама-якка кураш бўйича республика олий спорт маҳорат мактаби йўриқчи-услубчисим Амир Саъдуллоев «Спорт соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси учун» рағбатлантирилди.