19−23 декабрь кунлари Қарағандада (Қозоғистон) бокс бўйича Қозоғистон ССРда Хизмат кўрсатган мураббий Галима Жарилгапова хотирасига бағишланган 33-халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақа очилишида фахрий меҳмон сифатида америкалик афсонавий боксчи кичик Рой Жонс иштирок этди, деб хабар қилди Ўзбекистон Бокс федерацияси «Газета.uz"га.

Миллий аёллар терма жамоаси мазкур мусобақада олти нафар спортчи қиз билан қатнашиб, икки кумуш ва тўрт бронза медалини қўлга киритди.

51 кг гача вазн тоифасида Азиза Мамирова финалда Назима Кизайбайдан (Олмаота) мағлубиятга учраб, мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди. Турсуной Раҳимова (Ўзбекистон) ва Арайлим Маясар (Олмаота) бронза медалларини қўлга киритди.

60 кг гача вазн тоифасида Ўзбекистон вакиласи, Олимпиада-2016 иштирокчиси Ёдгорой Мирзаева қозоғистонлик Карина Абрагимовадан мағлуб бўлиб, кумуш медал билан чекланди. Райхона Қодирова (Ўзбекистон) ва Айжан Хожабекова (Қозоғистон) бронза медалларига сазовор бўлди.

Қизлар ўртасида учинчи вазн тоифасида (75 кг гача) Нафиса Асқарова ва Гавҳар Мирзаева бронза медали билан чекланди. Биринчи ва иккинчи ўринларни мос равида қозоғистонлик Виолетта Князева ва Акерке Бахитхан эгаллади.