23 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан учрашди, деб хабар қилди ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати.

Мулоқот чоғида олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон алоқалари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан икки томонлама муносабатлар ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда 2017−2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг нодоимий аъзолигига Қозоғистоннинг сайланиши ҳисобга олинган ҳолда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги вазирликлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбат давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон-Қозоғистон мулоқотини янада чуқурлаштириш, жумладан икки томонлама ҳамкорлик институтлари фаолиятини кучайтиришдан икки давлат ҳам бирдек манфаатдор эканлиги қайд этилди. Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон позицияларининг яқинлиги ва мувофиқ эканлиги таъкидланди.