Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Галина Мельниковага «Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти» фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади. Шу куни Миллий телерадиокомпаниянинг таниқли сухандони 80 ёшини қарши олди.

Ҳужжатда қайд этилишича, фахрий унвон «Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясидаги кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, дикторлик санъатини ривожлантириш, халқимизнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун» берилди.

Галина Мельникова — олий тоифали сухандон, телевидениеда 1956 йил 26 декабрдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Кўп йиллар давомида «Ахборот» информацион дастурида бошловчилик қилган, турли тантанали маросимларни олиб борган.